Масъул муҳаррир: тарих фанлари номзоди, доцент Ш. А.Ҳайитов Тақризчилар

Масъул муҳаррир: тарих фанлари номзоди, доцент Ш. А.Ҳайитов Тақризчилар

20 – йилларнинг иккинчи ярми, 30 йиллар ва совет ҳокимиятининг кейинги йилларида коммунистик партия фақат бир ғоя – маданий меросни инкор этиш назариясига таянган ҳолда сиёсат юритиб келди. Бунинг учун у ленинча социализм қуриш, “назария”сининг учинчи бўғини бўлмиш “маданий инқилоб”ни ўзига ниқоб қилиб олди. Компартия ўзининг бу “назария”сини – яъни “маданий инқилоб” ғоясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда жуда пухта ва айёрона сиёсат юритиб ўз доҳийси Лениннинг “Биз қайси меросдан воз кечамиз?” деган шиорга таяниб, халқимиз маданиятини икки қисмга: “керакли” ва “зарарли”га бўлиб, унинг керакли бўлаги, бевосита моддий томони яъни ишлаб чиқариш, фойда келтирадиган моддий жиҳатларини зарур, унинг маънавий – ғоявий жиҳатларини кераксиз, йўқ қилиш лозим бўлган қисмларга ажратиб ташлади. Халқимиз маданиятининг компартия бўлиб ташлаган иккинчи қисми унинг маънавияти, мафкураси, дин, адабиёт ва санъат, илм – фаннинг барча ижтимоий – гуманитар соҳалари, урф – одатлари, анъаналари, миллий хусусиятлари ҳатто, меъморчилик ҳам ўтмишнинг қора ва жирканч сарқити деб эълон қилинди. компартия ва советларнинг асосий – ғоявий сиёсий йўли ана шу қораланган, кераксиз ва жирканч деб эълон қилинган халқ маданияти ва маънавиятига “ўт очиш”, “йўқ қилиш”,дан иборат бўлиб, бу давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада ҳукумат қарорлари, ишлаб чиқилган чора – тадбирлари, партиянинг олий даражадаги турли-туман анжуманлари қарорлари шу ғаразли мақсадга қаратилган бўлиб, бу сиёсатдан норози бўлганлар, унга қарши бўлган интелектуал мулк соҳиблари, маърифат тарафдорлари шоирлар, ёзувчилар, олимлар, умуман халқимиз маънавиятининг ҳар бир жонкуяр ҳимоячиси “зараркунда”, “халқ душмани”, “буржуазия синфининг вакили ва ҳимоячиси” “чет эл жосуси” деб эълон қилинди.

Халқ санъатининг энг нозик, нафис, ўз миллий – тарихий , тараққиёт анъаналарига эга бўлган мусиқа санъати ҳам сиёсатга бўйсундирилди. Инсоният тарихига тенг, ҳамиша ҳаётий мусиқа санъати ҳам ўз эркидан ажратилиб компартиянинг муте ғоявий қуролига айлантирилди.

30 йилларда республика мусиқа санъатининг ривожланиши бир томонлама бўлиб, маълум мақсадларга қаратилди, миллий қадрятлар камситилди ва бир чеккага суриб қўйилди. Мусиқа санъатининг ривожланиши мусиқа мактаблари, техникумлар тармоқларини кенгайтириш, ёшларни бу ўқув юртларига кўпроқ жалб этиш билан боғлиқ. Бу нафис ва жозибали санъатни мусиқа ноталари орқали ўрганишнинг рус ва европача усули кириб келди , шу билан бирга рус ва Европа мусиқа санъатига сажда қилиш даври ҳам бошланди. Республика ҳукуматининг рус мусиқа санъати арбобларини Ўзбекистонга чақириб олиш орқали ўзбек мусиқа санъатини ривожлантириш, ўзбек ва рус мусиқа санъатини уйғунлаштиришга қаратилган сиёсат кучайди. Шундай руҳдаги мусиқа асарлари ҳам асосан шу даврда пайдо бўла бошлади.

Республика ҳаётининг ҳамма соҳаларида бўлганидек, мусиқа санъатида ҳам миллий камситишнинг кўплаб ҳолатларини қайд қилиш мумкин, Россиядан чақириб келтирилган мусиқашунослар ва умуман санъат аҳли жуда ката имтиёзга эга бўлиб, уларга алоҳида инфраструктура яратиб берилганди. Энг юқори иш ҳақи, шаҳарларнинг марказидаги энг яхши уй-жой, қулай иш шароити ўшаларники эди ва шу билан биргаликда уларнинг айтгани айтган, дегани деган эди.

Ўзбекистонда яшаётган мусиқашунос С.Н.Василенко 1930 йилда Станиславский номидаги театр ижодий жамоаси билан биргаликда О.А.Мебернутовнинг “Аркнинг олиниши” операси мусиқасини яратишига киришди,унга ҳамма қулайликлар яратилди.

Москвалик композитор Беляев Виктор Михайиловичга катта имтиёзлар яратилди,республика ҳукумати унга махсус яшаш жойи тайёрлаб қўйиш, унинг асосий маошидан ташқари ҳар ойда 300 сўм мукофот тариқасида маблағ белгилаб қўйиш, бир йилда бир ярим ойдан, икки марта келиб кетиши харажатларини қоплаш шарти билан йўлланма бериш каби имкониятларни яратиб берди. 329 Бундай имтиёзлар ўзбекистонлик етук санъаткорларнинг бирортасида бўлмаган. Бунинг учун В.М. Беляев Ўзбекистон халқ мумтоз мусиқа санъатини ўрганиши ва янги ўзбек мусиқа санъатини ривожлантиришга ўз улушини қўшиши керак эди.

Аҳоли ўртасида мусиқа санъатини тарғиб этишда граммафонлар ва радио ижобий таъсирга эга бўлди, грамафонлар учун оддий пластинкалар ҳам Россиядан келтирилган. 1934 йилда ЎзССР ХКСнинг раиси Ф.Хўжаевнинг ташаббуси билан бир гуруҳ ўзбекистонлик ҳофизлар ва мусиқачилар Москвага жўнатилди, 330 уларнинг товуши пластинкага ёзиб олинди. Ўзбек санъаткорларнинг маҳоратини тарғиб этишда Ф.Хўжаевнинг сайи ҳаракатларини алоҳида таъкидлаш керак. Республикада мусиқа саъатининг етук мутахассислари ҳам Москвада тайёрланган. 1936 йилда Москвадаги опера студиясига 32 киши, Тошкент техникумига 36 киши ва филармония капелласига 82 киши ўқишга қабул қилинди. Республика ҳукумати Москва Давлат консерваториясининг ўзбекистонлик талабалари учун ойида 200-250 сўм нафақа тўлашни ўз зиммасига олган. 331 Амалга оширилаётган тадбирлар мусиқа маданиятининг ривожланишида катта аҳамиятга эга эканлигини тан олган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, мусиқа мутахассисларини тайёрлашда асосий эътибор маҳаллий миллат вакилларига эмас, балки, европалик ёки рус миллати вакилларидан мусиқашунос ва чолғучилар тайёрлашга кўпроқ эътибор берилди. Тошкентдаги махсус мусиқа техникумида шарқ факультети мавжуд бўлиб, бунга ҳам (1930-1931ўқув йилида) бирорта ўзбек ўқимаган. 332

1937 йилга келиб республика мусиқа маданияти тараққиётида маълум даражада, силжишлар сезилди. Ўзбекистон Давлат филармониясида миллий оркестр ташкил этилиб, унга 120 киши, шундан 20 хотин-қиз жалб қилинди, 333 аммо,бу соҳага раҳбарларнинг деярли барчаси маҳаллий миллат вакиллари бўлмаган. Филармонияга раҳбар Н.Н.Мираков, “Фарҳод ва Ширин”нинг мусиқасини В.А.Успенский, “Гулсара” драмасининг мусиқасини Р.М.Глиерлар яратган эдилар. 334 Мусиқа санъатини ривожлантиришда қадимий миллий мусиқага эътибор суст, янги социалистик мусиқа санъатини тараққий эттириш эса асосий ўринга чиқариб қўйилди. Ўзбекистонда мусиқа санъатининг шаклланиши ва ривожланиши даврини 30-йиллар деб белгилашдек хато қарашлар устиворлик кашф этди.

1937 йилнинг май ойида Москвада Ўзбекистон саньати ва маданиятининг декадаси ўтказилди. Декада якунида Ўзбекистон Давлат филармонияси “Меҳнат Қизил Байроқ ордени” билан, шунингдек, санъаткорлардан 13 киши юқоридаги нишон билан, 25 киши “Шуҳрат нишони” билан мукофотланган эди. 335 Бу воқеа республика мусиқа санъати таррақиёти маълум муваффақиятларни қўлга киритилганлигидан дарак беради.

Ўзбекистон халқлари мусиқаси ва оғзаки ижоди дурдоналарини йиғиш, илмий асослаш, уни оммалаштириш мақсадида 1938 йилда республика бадиий ҳаваскорлик олимпиадаси ўтказилди. Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатининг 1938 йил 5 август қарори билан энг яхши ижрочиларининг хизматлари тақдирланди. Қашқадарё вилояти Китоб райони “Кайнар” қишлоғидаги Нуралиев Абдулло шоирга ва Хева шаҳридаги бахши Исмоилов Қурбон отага Ўзбекистон ССР Халқ Бахшиси унвони берилди. Хева шаҳридаги бахши Абдуллаев, Қурбон Назарга Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган бахши унвони берилди. Шунингдек, ижрочилик санъатининг бир қатор вакилларига ҳукумат фахрий ёрлиқлари ва бошқа мукофотлар берилдики, 336 бу халқ санъати юксак анъаналарининг мавжудлиги ва давомийлигининг намойиши эди.

Республикада мусиқа санъати асарларини тўплаш, тартибга солиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, илмий-назарий асосларини яратиш унинг ажойиб намуналарини кенг оммалаштириш, илмий асосларда ривожлантириш, унинг тўпламларини бунёдга келтириб нашр этиш каби долзарб вазифалар борасида деярли ҳеч иш қилинмаган эди. Рус мусиқашунос олими В.А.Успенский ва аҳолишунос (этнограф) олима Романовская тўплаган ўзбек классик ва Хоразм мусиқасининг 118 босма табоқдан иборат тўпламлари нашр қилинмай ётган эди. 1937 йилда нашрга тайёр турган ўзбек халқ қўшиқлари ва мусиқа тарихига доир дарсликлар, қўлланмалар мутлақо нашр қилинмаган эди, В.А.Успенский томонидан ўзбек пъесаларига фортепъяно учун ёзилган тўплам ва комсомол қўшиқлари мусиқалари нашр қилинган эди холос. 337

Мироновнинг “Ўзбек ва бошқа шарқ халқлари мусиқа маданиятига шархлар” ва Успенскийнинг айрим қўшиқлар ва куйлар ҳақидаги асаридан бошқа нашрлар деярли йўқ эди. 1934 йилда Е.Романовская чиқарган “Янги турмуш ҳақидаги олти ўзбек қўшиғи” тўплами, ундан кейин “Ленин болалари”, “Теримчилар”, “Ўттиз рус ва ўзбек қўшиғи”, “Октябрь”, “Колхоз”, “Колхозлар бирлиги учун” номлари билан қайта-қайта нашр қилинган 338 . Бу нашрлар мактаблар ва ўқув юртлари учун дарслик ва қўлланмалар сифатида ҳам фойдаланиб келинди.

1938 йилнинг 20 майида ЎзССР ХКС “Ўзбекистон санъатини янада ривожлантириш тадбилари тўғрисида” 339 қарор қабул қилиб, республикада халқ амалий санъати, шу жумладан мусиқа санъатини ривожлантириш тадбирларини белгилаб берди, аммо бу тадбирлар фақат қоғоздаги тадбирлар бўлганлиги сабабли, маблағ ажратилмаганлиги оқибатида фақат расмий – маъмурий кўрсатма сифатида қолиб кетган. Шу йили Хоразм вилояти бўйлаб, халқ оғзаки ижоди ва мусиқий ижодини ўрганиш, ундан намуналар тўплаш мақсадида уюштирилган экспедиция, маблағ ажратилмаганлиги сабабли, ижодий сафар аъзолари ўз вазифасини бажармай қайтиб келишди.

1935 йилдаёқ тўпланган ўзбек классик мусиқасининг шоҳ асари “Ўзбек мақомлари” нашр қилинмаган эди-ю, Ўзбекистон Давлат нашриёти эса шу вақтда “Байналминал” нинг 50 минг нусхали нотаси ва матнини нашр этган. 340 Ана шу биргина далилнинг ўзи марказнинг миллий мусиқа маданиятига эътибори ва муносабатини кўрсатади.Республика театрлари, клублари, бадиий ҳаваскорлик тўгараклари, мактаблар, ўқув юртлари ўзбек халқ қўшиқчилиги ва қўшиқлари ҳақидаги, мусиқа ва мусиқашунослиги ҳақидаги адабиётларга муҳтож бўлиб тургани ҳолда бундай адабиётлар нашр қилинмаган. 1936 йилдан бери мавжуд бўлган ўзбек консеваторияси ҳам миллий мусиқа илми ҳақидаги адабиётларга катта эҳтиёж сезаётган эди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон мусиқашунослиги ва мусиқа санъати 30-йиллар ва

ундан кейинги даврларда компартия ва советларнинг миллий санъатга коммунистик руҳ беришга қаратилган сиёсати оқибатида миллий тарққиёт босқичига кўтарилмади. Бундан қатъий назар халқимиз ўз миллий санъатини, унинг анъаналарини сақлаган ҳолда меҳнат ва машаққатда, шодлик ва қувончли онларда уни муродбахш руҳий озуқа сифатида асради ва ривожлантириб келди.

Жадидчилик ҳаракатининг атоқли намояндаси Абдулла Авлонийнинг: « … Маърифатли халқ шижоатли бўлур. Шижоат қалбнинг матонатидан, руҳнинг саломатлигидан иборатдир. Маърифатдан, фунундан ва маданиятдан маҳрум бўлган халқ жаҳолат панжаларининг орасида хамир каби эзилганидек аъфоли заминида ҳам ўз нафсининг ёқасини бўшата олмас …. Зероки, жаҳолат энг қўрқинч, фақир ва муҳтожликдан зиёда даҳшатлироқ бир мусибатдир», - деган оқил фикрлари бор 341 .

Афсуски, совет ҳокимяти йилларида халқимиз ана шундай мусибат гирдобига тушиб қолган эди. Коммунистик яккаҳокимлик халқнинг эркин меҳнат ва ижод қилишга бўлган рағбатини сўндирди, инсоний ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилди ва имкониятларни чеклаб ҳам қўйди. Оддий меҳнаткаш тугул, раҳбар ходимларгача ҳеч ким ўз ақли, ўз идроки билан иш юритолмади. Мустақил фикрлайдиган, юз бераётган воқеа ва ҳодисаларга мустақил баҳо берадиган кишилар ўзбошимча, маҳмадана деб қораланди, тазйиққа олинди. Бу тузум шундай носоғлом муҳитни вужудга келтирган эдики, натижада лаёқатсиз, фикри тор, лаганбардор, бошлиққа таъзим бажо келтириб ходимга эса зуғум кўрсатадиганлар қадр-қиммат топиб яшади. Негаки мустамлакачиилик сиёсатининг табиати шуни тақозо қиларди.

Буларнинг барчаси жамиятнинг маънавий таназзулини тезлаштирди. Халқ манфаатини ўйлаган, унинг онгига нур, қалбига зиё бағишлашга интиладиган, виждон ва ақл билан ишлашга, ҳуррият учун курашга чорлаганлар эса коммунистик партиянинг лаббайгўй югурдаклари томонидан сўроқ-терговга тутилар, маънавий жиҳатдан бадном қилинар, ҳатто маънавий ҳамда жисмонан маҳв қилинарди.

Натижада бундай беаёв ва шафқатсиз бедодликлардан огоҳ бўлиб турган халқ бутунлай умидсизликка тушди. Жамиятда на партияга, на сиёсатга, на давлат ва унинг йўлбошчиларига ишонч қолди. Ишончдан айрилган киши эса руҳан ўликдир. Маълумки, руҳияти шикаста ва озурда, ҳадик ва қўрқув гирдобига тушган одамда яратишга, бунёд этишга интилиш бўлмайди. Ва ҳатто, яшашга рағбат ҳам шунчаки «кун кўриш» га айланади.

Ҳаётга бефарқ қараш, лоқайдлик аксарият кўпчиликни яшаш тарзига айланди. «Совет кишиси» ўз соясидан чўчиб яшайдиган бўлиб қолди. Чунки юрагининг туб-тубига қўрқув билан қозиқ қилиб қоқилган тобелик, мутелик туйғуси уни тирик мурда ҳолига солиб қўйган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони халқ шоири Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда:

Билмам қандоқ, не сабаб, қачон.

Ҳаётингга ошно бўлган ул

Боши эгик, бесўз, беисён,

Юрагингда макон топган қул…

Кел уйқулик кўзингни оч сен,

Ўз ҳолингдан қаҳ-қаҳ уриб кул.

Шундай кулки, ичингдан қочсин

Юрагингдан макон топган қул.

Советлар ҳукумати замонида ҳукмрон тузум ўзининг жаҳонда энг инсоний, энг одил ва энг демократик, энг саводхон жамият барпо этгани билан мақтаниб бутун жаҳонга жар солар эди. «Дунёдаги энг ўқимишли мамлакат», «Олий маълумотли мутахассислар сонига кўра жаҳондаги биринчи давлат» деган сохта таърифлар расмий ва мақтанчоқ мафкура орқали кенг тарғибу ташвиқ қилинарди.

30-йилларда халқ таълими республика ижтимоий-маданий ҳаётининг кенг қамровли ва долзарб соҳаси бўлиб, бу даврда умумий-мажбурий бошланғич таълимга ўтиш учун ислоҳотлар ўтказилди, аҳолининг барча меҳнаткаш қатламларини халқ таълими соҳаси билан қамраб олиш истаги эълон қилинган эди. Халқ таълими тараққиётида амалга оширилган тадбирлар кўлами катта бўлишига қарамай, миллий таълим-тарбия барҳам берилган эди. Янги ташкил этилган совет мактаблари халқнинг миллий таълим-тарбия ва қадриятлари, қадимий маданияти ва маънавиятидан ажратилган ҳолда рус-европача асосларда ташкил этилди. Республика эса бу ислоҳотларга амалда тайёр эмас эди. Натижада, бу соҳадаги тадбирлар ҳар қадамда муваффақиятсизликка учради. Халқ таълимига ажратилаётган маблағлар ўз даври учун салмоқли бўлиб кўринса-да, амалда номигагина эди, уни сарфлашдаги хатоликлар, хўжасизлик, маъмуриятчилик ва буйруқбозлик ҳамда энг муҳими моддий-маънавий асосининг йўқлиги салбий таъсирини кўрсатди. Шунинг учун мактабларда давомат ва ўзлаштириш ниҳоятда паст, бинолар, ўқув қуроллари ва ўқитувчиларнинг етишмаслиги ёки умуман йўқлиги, ўқитувчилар моддий аҳволининг ёмонлиги оғир вазиятни майдонга келтирди. Халқ таълимига раҳбарликдаги маъмуриятчилик ва бюрократизмнинг чуқур илдиз отганлиги, социалистик штурмчилик, компаниячилик сиёсати, унинг тараққиётини бутунлай издан чиқарди.

Расман эълон қилинган маълумотларга қараладиган бўлса, СССР да юзлаб университет ва институтлар, олий ва ўрта махсус билим юртлари, сон-саноқсиз илмий-тадқиқот муассасалари фаолият кўрсатарди. Лекин, улар сон жиҳатдан кўп бўлгани билан жаҳоний андозалар даражасидан жуда йироқда эди. Улар 30-йилларда жуда ночор ҳолатда бўлиб, кўпгина ўқув юртлари номигагина мавжуд эди. Бунинг асосий сабаби коммунистик жамиятда ҳамма нарса, жумладан илм-фан, мактаб-маориф тизимининг ўша ёлғон ва ўлик ғояларга қурбон қилинганлигида. Совет Иттифоқини маънавий таназзулга олиб келган сабаблардан бири ҳам ана шунда.

Тарғибот ва ташвиқот ишлари асосан социалистик ва коммунистик жамият қуриш ғояларини ёйишга қаратилган бўлиб, бу ишда ҳам маъмурий буйруқбозлик, расмиятчилик, қоғозбозлик, ёлғон рақамлар орқасидан қувиш, мазмунга нисбатан шаклга эътибор бериш кучли эди. Бу ишда эскиликка қарши кураш ниқоби остида сон-саноқсиз масжид-мадрасалар вайрон этилди, қабристонлар бузилди, китоблар ҳам қатағон қилиниб ёндириб ташланди, тарихий ёдгорликларга ўтмиш сарқити деб қаралди, меъморий обидалар харобаларга айлантирилди, халқ ўз тилидан, динидан ва эътиқодидан айрилиш даражасига етди.

Донишмад Афлотун: «Жоҳилнинг яхши нияти фозилнинг хусуматидан зарарлироқдир. Инсон энг юқумли касалликдан сақланган каби жаҳолатдан хазар қилмоғи лозим» 342 , - деб уқтиради. Советлар даврида маърифат тарқатиш ниқобида, «Маданий инқилоб»ни амалга ошириш, аслида, Афлотун таъкидлаган жаҳолатдан бошқа нарса эмас эди. Бу жаҳолат 30-йилларда ловуллаган олов бўлиб хуруж қилиб, ҳўлу қуруқни баравар ёндирди ва охир-оқибат халокат билан якун топди.

Шундай қилиб, ХХ асрнинг 30-йиллари Ўзбекистонда ижтимоий ва маданий ҳаёт тараққиёти йўли мураккаб ва машаққатли, зафарли ва халокатли давр бўлиб, мустақилликка бўлган интилишлар сўнмаган ҳолда, миллий ўзликни сақлаб қолиш йўлида ўз замонаси қаҳрамонларини етиштирган давр бўлиб унинг тарихида қолди.

Фойдаланилган адабиётлар ва манбалар

Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ.Т., “Ўзбекистон”, 1998

Каримов И.А. Юксак маънавият-енгилмас куч.Т. ,“Маънавият” , 2008

Каримов И.А. Инсон бахт учун туғилади.Т., “Шарқ”, 2001

Акбаров Ҳ.Миллий кино қачон туғилган // “Мулоқот”,1997,2-сон Б.32.

Аъзамхўжаев А.А. Оброзование и развитие Узбекской ССР Т.,1971,с.114

Ваҳобов М.Г Формирование Узбекской социалистичиской нации.Т.,1961,с.507

Ватан туйғуси Т.,1996.Б-372

Голованов А.А. Крестьянство Узбекистана: Эволюция социального положения 1917-1937 г.г Т., “Фан”,1992.с149

Жўраев Н. Мутақиллик маърифати.// “Мулоқот”,1993,9-10-сон, Б.13

Зиёев Ҳ. Совет даврида қандай тузум ҳукм сурган.// “Мулоқот”,9-10-сон, Б.36

История работчего класса Узбекистана Т.. “Фан”,1974.,с.130,101-102,362,552,527.

Исхаков Ф.Б Прошлое глазами историка.Т., “Фан”,1990.с.130;166.

Қоры НиязовТ.Н. Очерки истории культуры Советского Узбекистана М.,1955,с.352.

Ким М.В. Исхаков Ф.Б. Люди счастливой судьбыТ., “Узбекистан”1972,с.68.

Ким П.Г Уйдирма ва ҳақиқат “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”1989,2 октябрь

Колхозы УзССР в цифрах Самарканд 1930,с,20

Коммунистическая партия Узбекистана в резалюциях и решениях съездов пленумов ЦК,Т., 1987,С,542;341

KПCC и советское правительство oб Узбекистане.Т., “Узбекистан”,1972, 433;434;573;577;615

Латышев С. Как это случилось.Фргументи и факты, №32, 1988

Маркс К, Энгелс Ф.Положение рабочего класса в Англии. Соч II.М.,1967,С,302

Мусаев М. Компартия Узбекистана в период упрочения социализма,Т., «Узбекистан», 1968,С,.215;216

Раҳмонов Т. “Маданий инқилоб” иллатлар ва сабоқлар. // “Мулоқот”, 1993, 9-10-сон

Раҳмонов Т. Ўзига эн бўлолмаган ёки йигирмабешмингчилар кимлар. //,,Гулистон”, 1991, 12-сон.

Раҳмонов Т. Саводсизлик қандай қелиб чиққан? // “Гулистон”, 1993, 2-3-сон.

РаҳмоновТ. Илгари иш ҳақи қандай тўланган.// ,,Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги”, 1992, 2-сон.

Раҳмонов Т. “Маданий инқилоб”: Бухоройи шарифга юриш. // “Фан ва турмуш”, 1994, 3-сон.

Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунчалар ва тамойиллар. Т., “Ўзбекистон”, 2000,

Материалы по истории СССР.Т.I.М., “Наука”1955,С.454-455.

Наука в Узбекистане за 15лет.Т.,1939.С.38;90.

Совет жамияти тарихи саҳифалари : фактлар,муаммолар,одамлар.

Саидносирова З. Ойбегим менинг.Т., “Шарқ”,1994,Б-152.

Советский Узбекистане за 40лет.Т.,1964,С.285.

Труды СамГУ имени А.Навои.Самарканд,1963,с.43.

Ўзбекистоннинг янги тарихи, I китоб,Т., “Шарқ”,2000,Б.366-367;368,372,

Архив ҳужжатлари

Ўзб Р МДА.1,837,864,86,96,1737,94,2087-ҳужжатлар

Бухоро вилояти партия архиви: 58 ҳужжат

Даврий матбуот:

“ Правдв Востока ” рўзномаси, 1930-1940 йиллар.

“ Қизил Ўзбекистон ” рўзномаси, 1930-1940 йиллар.

“ Аргументи и факты ”, 1988, № 32,33.

“Комсомолиц Востока”, 1930,14 март.

// “Коммунист”1933 й., 8 сон, 1934 й.3-4 сон, 1937й.11-12 сон.

“Фан ва турмуш”, 1991 й.11-сон, б.10.

I боб XX асрнинг 30-йилларида Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат:

у қандай бўлган?

I.1. Ўзбекистонда иқтисодий сиёсат. 6-16

I.2. Нафақахўрлар аҳволи. 16-21

I.3. Деҳқонларни ижтимоий ҳимоялашнинг советча усули. 21-24

I.4. Уй-жой муаммолари: у қандай ҳал қилинган. 24-29

I.5.Тиббий хизмат: муаммолар ечими. 29-34

I.6.Савдо хизмати: у қандай ташкил қилинган. 35-42

II боб Маданий ҳаёт

II.1.ХХ аср 30-йилларида халқ таълими. 43- 44

II.2. Мактаблар ҳаёти. 44-57

II.3.Мактабгача таълим ва тарбия. 57-60

II.4.Олий ва ўрта махсус таълим: шаклланиши ва тараққиёти муаммолари. 60-70

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎